Умид қиламизки, азиз ўқувчиларимиз бу суҳбатдан ўзлари учун кўпгина манфаатларга эга бўлишади. Чунки илм аҳли билан кечадиган суҳбатлар, ёмғир сувлари ташна ерларни яшнатгани каби, қалблардаги имонни яшнатади. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Абдул Азим Зиёуддин ўғли билан суҳбатимиз ғоятда мазмунли кечди. Шахсан камина ўзимни қизиқтирган кўпгина муҳим саволларимга жавоб топдим. Мавзу асосан, юртимизда долзарб бўлиб турган масала — миссионерлик ҳаракати, Инжил ва христианлик ҳақида эди.
— Ҳурматли домла, суҳбат аввалида маънавият ва маърифат ҳақида қисқача тўхталсак.
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ъала росулиллаҳ. Аммо баъд: Ассалому алайкум ва рохматуллохи ва барокатуҳ.
"Маънавият" арабча сўз бўлиб, «хилофи моддиёт»ни, яъни, инсоннинг моддий ҳолатидан ташқари, унда руҳий ҳолат ҳам борлигини билдиради. "Маърифат" сўзи ҳам арабча бўлиб, «Идрокуш-шай'и ъала ма ҳува алайтҳи» (ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш»), яъни, ўша руҳий ҳолатга тўғри ва соф озуқа беришни англатади.
Инсон икки нарсадан — модда ва руҳдан ташкил топган. Инсон жисми тупроқ моддасидан яратилгани боис, унинг озуқаси ҳам моддий нарсалардир. Яъни, қорни очса, таом ейди, чанқаса, чанқовбосди ичимлик ичади, касал бўлса, даволанади, чарчаса, дам олади, моддий илмларни ўрганади ва жинсий ғаризаси ғалаён қилса, қондиради ва ҳоказо. Буларни инсон ақли билан топади. Чунки Аллоҳ таоло инсонга онг, фаҳм-фаросат, ақлу заковат берганки, улар ёрдамида баданига нима керак эканини билади ва шу билими ўнга жисмининг озуқасини топиб беради. Масалан, нимани ейиш ва нимани емаслик керак, қандай истеъмол қилиш лозим, даволанишда қайси дардга нима даво бўлади ва уни қайси услубда кабул қилиш керак. Агар билмаса, дўхтир-табибларга ё билағонларга мурожаат қилади. Чунки инсон ҳар бир ишнинг ўз мутахассиси борлигини билади. Лекин руҳий озуқа ер юзидан топилмайдиган нарсадир. Руҳ модда эмас. Руҳий озуқани билишдаи олдин руҳ ўзи нима эканини билиб олишимиз керак. Ўтган пайғамбарларга қавмлари руҳ нима деган саволни қўйишган. Инсониятни илк замонлариданоқ энг қизиқтирган нарсалардан бири руҳ масаласи эди, лекин ҳеч қачон одамзот бу масалада бирон-бир аниқ билимга эга бўлмаган. Хоссатан Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, олдиларига ҳам яҳудийлар келиб: «Эй Муҳаммад, сен ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг, бизга жавоб бер, руҳ нима?» деб сўрашган. Бўнга жавобан Исро сурасининг 85-: «Эй Муҳаммад, сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир». Сизларга эса оз илм берилгандир» ояти нозил бўлади. Яҳудийлар буни эшитиб; «Ҳа, сен тўғри гапни айтдинг, аввалги пайғамбарлар ҳам қавмларига шу жавобни айтишган. Лекин барибир биз сенга имон келтирмаймиз, деб чиқиб кетишган. Демак, ҳатто пайғамбарлар ҳам бу масалани билишга ожиз эканлар. Энди шу руҳ ўзи қаердан келди, деган саволга Қуръон шундай жавоб беради: «У (Аллоҳ) инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди... Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги, яъни, Ўзи яратган) руҳидан киритди...» (Сажда сураси 7—9-оятларидан). Маълум бўлдики, руҳ Аллоҳ тарафидандир. Унинг аслини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Модомики руҳ Аллоҳ тарафидан экан, унинг озуқаси ҳам Аллоҳ тарафидан бўлиши табиийдир. Шу озуқани У Зот пайғамбарлари воситасида, илоҳий китоблар орқали юборган.
— Умуман пайғамбарлар ҳақида ҳам сўз юритсангиз.
— Пайғамбарлар инсоният орасидаги энг доно, ростгўй, ақлли, фаҳм-фаросатли, ҳаёли, оқкўнгил, раҳм-шафқатли, хуллас, бутун инсоний фазилатларга эга бўлган ҳазрати Инсон эдилар. Аллоҳ таоло бу зотларни танлаб, уларга ваҳий юборган. Ваҳийни қабул этиб ўзи амал қилгани набий, бошқаларга ҳам етказишга буюрилгани расулдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи пайғамбар ўтгандир» (Фотир, 24-оят мазмуни). Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар... ва динлари ҳам биттадир» (Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Уларнинг йўллари битта бўлган, у ҳам бўлса, инсонларни Аллоҳ кўрсатган йўлга даъват қилиш. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта. Мен қилаётган амалларингизни билгувчидирман. Шак-шубҳасиз, (барчангизнинг) миллатингиз (яъни, динингиз) бир миллат (яъни, Исломдир). Мен эса сизларнинг Парвардигорингиздирман, бас, Мендангина қўрқингиз!» (Муьминун, 51—52-оятлар мазмуни).
Пайғамбарлар маъсумдирлар, яъни, Аллоҳ уларни гуноҳ-маъсиятдан, фисқу фужурдан ва барча разолатлардан сақлаган. Пайғамбарларнинг силсиласи мисоли занжир бўлиб, бош халқаси Одам алайҳиссалом бўлсалар, охирги халқаси Ҳазрати Муҳаммаддирлар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аллоҳ таоло инсонларга илоҳий кўрсатмаларни шундоқ бераверса бўлмасмиди, ахир инсонларга ақл-тафаккур ато этилган-ку, пайғамбарлар жўнатишга ҳожат бормиди, дейилса, айтамизки, бир куни кемада кетаётганларида Нажим Фозилдан бир шогирди: «Устоз, Аллоҳ пайғамбар юбориб нима қиларди, илоҳий китоб берса, ўзимиз ўқиб амал қилаверардик", деб сўраганида Нажим Фозил китобдан бошини кўтармай: «Кемага чиқиб нима қилардинг, денгиздан ўзинг сузиб ўтиб кетаверсанг бўлмасмиди?» дея жавоб берган экан. Пайғамбарлар ўз умматларига Аллоҳнинг барча буйруқларини — нима қилиш керагу нима қилмаслик кераклигини етказганлар. Пайғамбарларга Аллоҳ таоло оддий шахсларинг қўлидан келмайдиган баъзи ишларни қила олиш, яъни, мўъжиза кўрсатишдек улуғ фазилатни ато этган, бу нарса уларнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларига далил бўлиб келган. Барча пайғамбарлар Аллоҳнинг йўриғида юрган кишиларга бу дунёю у дунёда саодатманд бўлиш башоратини беришган. Аллоҳнинг айтганига кўнмай ҳавою нафсига берилиб кетганларга эса, бу дунёда хор-зор бўлиб, у дунёда азобга дучор бўлишларининг хабарини етказишган. Пайғамбарлар Аллоҳнинг буйруғини амалга оширар эканлар, халқларга йўл-йўриқ кўрсатишлари, ботил йўллардан қайтариб, одил, олий қонунларга бошлашлари, хуллас, она гўдагини тарбиялаганидек, уларни тарбиялашлари зарур эди. Ислом ҳамма пайғамбарларга имон келтириб, уларни ҳурматлашни мусулмонларга фарз қилиб қўйган.
— Сўзингиз орасида пайғамбарлар силсиласининг охирги халқаси пайғамбаримиз Муҳаммаддирлар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деб айтиб ўтдингиз. Шунга далилларни баён этсангиз.
— Ҳазрати Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбарликлари муайян бир халқа ёки замон билан чекланиб қолмай, бутун дунёга ва то қиёматгача тааллуқлидир. Пайғамбаримиз бутун, башариятга юборилганлар ва шу билан ваҳий, пайғамбарлик силсиласи хотималанган. Аллоҳ таоло башариятга юборган ҳидоят ва нурларнинг барчасини у кишининг воситаси билан юбориб бўлди. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани Билгувчи Зотдир» (Аҳзоб, 40-оят мазмуни). Бухорий ва Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайрадан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, шундай дейдилар: «Мен ва мендан аввал ўтган пайғамбарларнинг мисоли бундай: бир киши иморат бино қилди, уни жуда чиройли ва яхши қилиб қурди-ю, фақат бир ғиштнинг ўрни очиқ қолди. Одамлар уйни келиб кўриб, қойил қолишади ва охирида: «Ҳаммаси яхши бўлибди-ю, лекин шу ғиштни қўйиб қўйилса бўларкан», дейишади. Мен шу ғишт мисолидаман. Ва мен пайғамбарларнинг охиргисиман».
Исо, алайҳиссалом, ўзларидан кейин Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбар бўлиб келишларини башорат қилганлар; Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
«Эсланг, Ийсо ибн Марям: "Эй бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад*1 исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)", деган эди» (Саф, 6-оят мазмуни).
Ҳозирда мавжуд "Инжил"ларда ҳам пайғамбаримиз, алайҳиссалом, ҳақларида бир неча башоратларни ўқиймиз:
«15. Агар мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар. 56. Мен Отамга*2 мурожаат қиламан ва У тоабад*3 сизлар билан қоладиган бошқа*4 Юпатувчини*5 юборади. 17. Бу Юпатувчи Ҳақиқат Руҳидир... 26. Ўша Юпатувчи, яъни Менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг Ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, Менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга туширади» (Юҳанно, 14-боб).
«26. Отам ҳузуридан Мен сизларга юборадиган Юпатувчи, яъни Отам наздидан чиқувчи Ҳакикат Руҳи келгач, У Мен тўғримда гувоҳлик беради. 27. Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки бошданоқ, Мен билан биргасизлар» (Юҳанно, 15-боб).
«7. Аммо сизларга ҳақиқатни айтаман, Менинг кетишим сиз учун фойдалидир. Агар Мен кетмасам, Юпатувчи олдингизга келмайди. Агар кетсам, Уни олдингизга юбораман. 8. У эса келиб, гуноҳ, адолат ва ҳукм хусусида дунёнинг хато қилганини фош килади... 13. Муқаддас Ҳақиқат Руҳи келгач, У сизларни бутун ҳақиқат йўлига бошлайди. У Ўзича гапирмайди, неки эшитса, ўшани сўзлаб беради, У келажак ҳақида сизларга хабар қилади...» (Юҳанно, 16-боб).
«22. Мусо пайғамбар ота-боболаримизга гапириб, деган: «Раббингиз бўлган Худованд сизларга биродарларингиз орасидан мен каби*6 бир Пайғамбар зоҳир қилгай. Бутун ишларда сизларга нимаики гапирса, Унга қулоқ солинглар. 23. Ўша Пайғамбарга қулоқ солмаган ҳар бир жон ўз халқи орасидан қириб ташлангай...» (Ҳаворийлар, 3-боб).
«19. Қуддусдаги яҳудийлар юборган руҳонийлар*6 ва левитлар*7 Яҳё пайғамбарнинг олдига бориб ундан: — Сен кимсан? — деб сўрадилар. Яҳё шаҳодат берди: 20. — Мен Масиҳ эмасман, — деб очиқ тан олди у, инкор этмади. 21. Яна ундан: — Бўлмаса, Илёс пайғамбармисан? — деб сўрадилар. — Йўқ! — деди у. Охирзамон пайғамбаримисан? — деб савол бердилар. У яна: — Йўқ! — деб жавоб берди»*8 (Юҳанно, 1-боб). Бу ерда ҳам маълум бўлиб турибдики, охирги пайғамбар Исо эмас, балки Муҳаммаддирлар, алайҳиссалом.
— Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, аввалги пайғамбарлардан қандай афзаллик жиҳатлари бор?
— Саҳиҳлигига иттифоқ қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ, мени бошқа пайғамбарлардан олти нарса билан афзал қилди. Менга жавомиъул калимни (“ҳикматлар хазина”сини) берди. Бир ойлик масофадан душманларимнинг қалбига қўрқув солиш билан мени қувватлади. Менга ғаниматларни (урушда қўлга киритилган ўлжаларни) ҳалол қилди. Ер юзини менга покловчи ва масжид қилиб берди. Мен бутун инсоният учун пайғамбар бўлиб келдим ва мен билан пайғамбарликни якунлади».
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом) Дарҳақиқат, биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳматига — жаннатига етакловчи) қилиб юбордик» (Анбиё, 107-оят мазмуни). Муҳаммад, алайҳиссалом, олиб келган таълимотлар, Қуръон барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига инсоф назари билан қарашнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафкат руҳи улардан балқиб турибди. Хар қандай ақли расо одам дарҳол пайқаб олади. Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), Биз сизни, шак-шубҳасиз, барча одамларга (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳолида Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар буни билмаслар» (Сабаъ, 28-оят мазмуни). Инсоният тарихида Муҳаммадчалик, алайҳиссалом, қавми тарафидан севилган ва ҳурматланган инсон ўтмаган. Тарих китобларида баён қилинишича, Урва исмли мушрик Курайш кофирларига шундай хикоя қилган эди: «Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Мен Сезарнинг, Кисронинг, Негуснинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, Муҳаммадни асҳоблари ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром қилинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, ювинса, ундан тушаётган сувни талашиб-тортишиб олишга ошиқишади, гапирса, сукут қилиб қотиб қолишади, шу даражадаки, ҳатто унинг кўзига тик қарашга ботина олишмайди».
— Оврупалик бир инсофли олим Қуръон билан танишиб чиқиб, шундай хулосага келган экан: “Қуръон ўликларни тирилтиришдан-да буюкроқ мўъжизадир”.
— Қуръон ҳақида уламолар таърифи бундай: «Қуръон Аллоҳнинг Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, туширган, тиловати ибодат ҳисобланадиган, ожиз қолдирувчи каломидир». Қуръоннинг мўъжизавийлиги ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу Китоб ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, ожиз қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос бўлиб тушди. Ҳозирда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўьжизалар» номи билан аталган бир неча халқаро ташкилотлар, илмий нашрлар бор. Тиббиёт, кимё, физика, астрономия ва бошқа соҳа олимлари ўз илмлари доирасида Қуръон мўъжизаларини топдилар ва топяпдилар. ўарбнинг неча-неча забардаст олимлари шу туфайли Исломни қабул қилган ва ҳануз қабул қилмоқдалар. Илм-фан ва техника ривожланган давримиздаги кашфиётларнинг Қуръони каримда хабари борлиги Қуръоннинг энг катта мўъжизаларидандир.
«Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича, албатга, Биз уларга атрофларидаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни, Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нар-сани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!» (Фуссилат, 53, мазмуни).
Мана, ўн тўрт асрдан ошдики, бу Китоб мўмин-мусулмонлар учун илоҳий дастуруламал бўлиш билан бирга, бутун инсониятни ўзига жалб қилиб келмоқда. Қуръони карим Аллоҳ таоло ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммадга, алайҳиссалом, нозил бўла бошлаган замонлардаёқ бу ҳайрат — Қуръон чин Илоҳий Калом эканини тан олиш бошланган. Маълумки, у замон араб адабиёти ўта ривожланган эди. Мўъжиза қилиб, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Қуръони каримни нозил этди. Қуръонни эшитганда араб сўз усталарининг энг буюклари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди.
Мана, бир тарих. Ўша замонларда уч юз олтмишта араб қабиласи бор эди ва улар ҳар йили ўзаро шеърий мусобақа ўтказишиб, ғолиблар аниқланар эди. Бир мавсумда ғолиб бўлган еттита шоирнинг шеърлари Каъба деворига осиб қўйилганида, кичик ёшли Абдуллоҳ ибн Аббос, розийаллоҳу анҳу, Қуръони каримдаги энг ихчам Кавсар сурасини ёзиб, саккизинчи қилиб илиб қўйган экан. Шеърларни бир четдан ўқиб келган ҳайъат аъзолари саккизинчи қоғоздаги сатрларни, яъни, «Инна аътойнакал кавсар. Фасолли ли роббика ванҳар. Инна шани-ака ҳувал абтар» жумлаларини ўқиб: «Ҳаза лайса мин қовлил башар» («Бу сўзлар, инсоннинг сўзи эмас»), деб юборадилар.
Ибн Ҳишом «Сийрати набавийа» китобида келтиради: «Одамлардаги Қуръонни тинглашга бўлган иштиёқ шу даражада кучли эдики, ҳатто Пайғамбарни инкор этаётган Қурайш мушрикларининг баъзилари тунлари, яширинча Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уйлари олдига келиб, тонггача Қуръон тиловатига қулоқ солиб чиқишарди. Бу ҳолат кўп марта такрорланган эди».
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом), Албатта, Биз (Қуръон) билан тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни қўрқитишингиз учун уни Сизнинг тилингизга осон-енгил қилиб қўйдик» (Марям, 97-оят мазмуни). Бу оятнинг тасдиқига айтиш мумкинки, бугунги кунда милёнлаб мусулмонлар энг Буюк Илоҳий Мўъжиза бўлмиш Қуръонни ёддан билишади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад, алайҳиссалом, орқали нозил этди, Пайғам-баримиз зиммаларидаги бурчни аъло даражада адо этдилар ва у кишининг вафотларидан сўнг ҳам Қуръон ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан мудом барҳаётдир. Мана, ўн беш аср бўляптики, Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгармасдан турибди. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва, шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (Ҳижр, 9-оят мазмуни).
Аввалги илоҳий китобларнинг асл нусхалари йўқолиб кетгани ҳолда, Қуръони каримнинг асл нусхаси ҳануз сақланиб келмоқда ва дунёда чоп этилган жамики Қуръон нусхаларини асл нусхага солиштирсак, бирор ҳарфида ҳам фарқ, йўқлигига гувоҳ бўламиз. Бунга мисол қилиб ҳазрати Усмон, розийаллоҳу анҳу, томонларидан жам қилдирилган, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримнинг асл нусхаларидан бирини ҳам келтиришимиз мумкин.
— Суҳбатимиз Қуръони карим ва аввалги илоҳий китоблар муносабатига келиб тақалди.
— Қадимги диний китобларга инсонларнинг ҳам қўли теккани сабаб, уларга ақлга ва хақиқатга тўғри келмайдиган бир қанча сўзлар сизиб кирган. Бу қўшимчалар инсон эътиқодини бузадиган даражададир. Ҳатто уларнинг баъзилари хулқий бузуқликлардан иборатдир. Лекин Қуръон бундай сўзлардан мутлақо пок. Унда бирорта ҳам ақлга зид ёки тажрибада хато бўлиб чиққан нарса йўқ. Инсонни адаштирадиган жойи йўқ. Яна Қуръони карим аввалги китоблардан фарқли равишда ички ихтилофлардан батамом ҳолидир. Шу ўринда узоқ йиллар давомида христиан руҳонийи бўлиб хизмат қилган ва Аллоҳнинг ҳидояти ила (1999 йили) Исломга кирган русиялик машҳур давлат арбоби, фалсафа фанлари доктори, профессор Али Вячеслав Полосиннинг «Прямой путь к Богу» (Аллоҳга элтадиган тўғри йўл) китобидан бир парча келтираман: "Мен биринчи марта Қуръони каримни очиб, "Уларга айт..." деган сўзга кўзим тушганида ва Қудратли Яратувчи ҳақидаги тараннумларни ўқиганимда, бу сўзлар дарҳақиқат энг қудратли зот Аллоҳнинг сўзлари эканини тушундим. Аллоҳ Қуръоннинг эгаси, Муҳаммад эса унинг элчисидир. Ҳар нарсага Қодир Зот инсоний оёқ-қўлларга ҳам, қуш қанотларига ҳам... ҳар хил шубҳали аломату башоратларга ҳам, Ўзининг Сўзларига инсоний аралашувларга ҳам, "илоҳлаштиришлар"нинг турли кўринишларига ҳам асло муҳтож эмасдир. Чунки у Қудратлидир, У бутун дунёни осонгина яратгандир, У Ўз иродасини одамларга қандай хоҳласа, шундай, қачон хоҳласа, ушанда ва Ўзи кимни танласа, ўша элчиси орқали етказишга қодир Зотдир. Бугун Исломни турли бўлмағур айбларни ёпиштириш ва ҳар хил асоссиз туҳматлар уюштириш билан инкор этган ва инкор этаётган кишиларга қарата эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай дейди: “Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп зиддиятларни топган бўлар эдилар-ку?!” (Нисо, 82-оят мазмуни). Қуръон оятларида зиддиятлар йўқ, уларда кейинчалик қўшиб қўйилган қистирмалар ҳам йўқ, Аллоҳ сўзларининг бошланиши ҳам, охири ҳам уларда очиқ кўриниб туради, улар Исо ва унгача келган бошқа пайғамбарларнинг, алайҳимуссалом, сўзларини эслатади ва изоҳлайди, улар Ер юзидаги барча халқларга оддий оила ва турмушдан тортиб, то давлат қурилмаларигача яккахудоликнинг ижтимоий доктринасини эълон килади. Бу Китобни ўқиб чиққач, мен шуни тушундимки, христианликдаги Исо, келажакда келади, деб башорат берган ҳақиқий христианлик кўрсатмаси айни шу муқаддас Қуръони каримдир*9.
Бир сўз билан айтганда, Қуръон нозил бўлганидан кейин инсониятнинг бошқа илоҳий китобга эхтиёжи қолмади.
__________________________________________________________
*1 «Аҳмад». «Муҳаммад» бир ўзакдан олинган.
*2 Аслида «Роббимга».
*3 «Тоабад», яъни, қиёматгача.
*4 Яъни, «Мендан бошқа».
*5 Шу ўринда бир оз изоҳ бериб ўтсак. "Юпатувчи" сўзи ўрисча Инжилда «Утешитель» деб таржима қилинган. Бу сўз юнон тилидаги «пераклетос» сўзининг таржимасидир. Баъзилар бу сўзни «ҳимоячи», «Ёрдамчи», “Ўгитчи” деб ҳам таржима қилиш мумкин, дейдилар. Бошқалар эса, «Параклетос» аслида, «периклутос» (мақталган) сўзининг бузилган шаклидир, дейдилар. "Муҳаммад" исми ҳам сўз сифатида "мақталган" маъносини беради. Бинобарин, "'периклутос" сўзининг тўғри таржимаси Пайғамбаримиз исмларининг айнан ифодасидир. Бундан янада аниқ исбот бўладики, Исо, алайҳиссалом, хабар берган охирги пайғамбар, шак-шубҳасиз, Муҳаммаддирлар, алайҳиссалом. Яна бир ҳайратга соларли маълумот: "Муҳаммад" деб исм қўйиш арабларда олдин умуман бўлмаган, Пайғамбаримизнинг оналари Омина хомиладорлик вақтларида тушларида айнан шу исмни қўйиш аён қилинган.
*6 «Мен қалби»дан мурод, Муҳаммад, алайҳиссалом, ҳар хусусиятда Мусо пайғамбар кабидирлар. (Аҳмад Дийдод. «Инжил башорати», «Ҳидоят». 2001, 4,5,6-сонлар.)
*6,7 Яҳудий дин арбоблари.
*8 Аҳмад Дийдод, ўша асар.
*9 Али Вячеслав Полосин. "Прямой путь к Богу". Москва, науч. издат. центр “Ладомир”, 2000 г. стр. 16-17.
>>>
|