“АГАР РОСТГЎЙ БЎЛСАНГИЗЛАР...”

 

>>>Давоми. Боши<<<

— Қуръони карим аввалги илоҳий китобларнинг давомчиси сифатида қандай ўрин тутади?
— Мусога, алайҳиссалом, нозил этилган Таврот китобининг муддати Исо, алайҳиссалом, пайғамбар бўлиб келишлари билан тугаган. Исога, алайҳиссалом, нозил этилган Инжил китобига амал қилиш муддати эса Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, пайғамбар бўлиб келишлари билан тугади. Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, нозил этилган Қуръони каримга бу дунёда амал қилиш муддати қиёматгачадир. Аллоҳ таоло Куръонни аввалги илоҳий китобларни:
а) тасдиқловчи: «Сизга эса (эй Муҳаммад, алайҳиссалом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқлагувчи...»
б) гувоҳ: «ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик...» (Моида, 48, мазмуни);
в) ажратувчи: «(Энди эса ҳақ билан ноҳақни) Ажратгувчини (Қуръонни) нозил қилди» (Оли Имрон, 4, мазмуни);
г) муфассал баён қилгувчи: «...(унга) имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китобдир)», деб айтади (Юсуф, 111, мазмуни).
— Яқинда қўлимга христиан миссионерлари томонидап ўзбек тилида тарқатилган «Ҳақиқат! Ҳа, фақат Ҳақиқат!» деган рисола тушиб қолди. У ерда: «Инжил Қуръоннинг «хато»ларини тўғрилайди» деган ғоя илгари сурилибди...
— Бу қуруқ даъводир. Ҳақиқат бу даъвонинг аксичадир. Маълумки, айтилган сўз илмий ёки амалий суратда исботланмагунча ҳеч бир кучга эга бўлмайди. «...Бу уларнинг хом ҳаёлларидир. (Эй Муҳаммад, алайҳиссалом) айтинг: «Агар ростгуй бўлсангизлар, ҳужжатларингизни келтирингиз!» (Бақара, 111, мазмуни). Инсонлар томонидан бузуқ "тузатишлар" киритилган ҳозирда мавжуд Таврот ва Инжилларда пайғамбарлар қаттиқ туҳматга учраганлар. Қуръон эса у китоблардаги хатоларни тўғрилаган. Мана, бир неча мисол:
«31. ...Бир куни Лутнинг катта қизи кичигига деди: — Отамиз қари, ер юзидаги одатга кўра биз никоҳга олинишимиз учун мамлакатда бирон эркак қолмаган. 32. Кел, отамизга шароб ичириб, у билан ётамиз, токи отамиздан насл сақлайлик. 33. Ўша кечаси қизлар оталарига шароб ичирдилар. Катта қиз отасининг ётоғига кириб, у билан ётди. У эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади. 34. Эртасига катта қиз синглисига: — Мен ўтган кеча отам билан ётдим. Бу кеча унга яна шароб ичирамиз, бу гал сен унинг ётоғига кириб у билан ёт, токи отамиздан насл сақлайлик, — деди. 35. Қизлар ўша кечаси ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичик қиз бориб, отаси билан ётди. Отаси эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади. 36. Шундай қилиб, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан хомиладор бўлдилар... (Тавротдан «Ибтидо» китоби, 19-боб).
Инсонлар ичидаги энг маданиятли, юксак ахлоқ соҳиблари бўлган пайғамбарлардан бирига бўлаётган туҳматни қаранг! Ахир, Лут пайғамбар ўз қизлари билан зино қиладиган ароқхўр шахс бўлганмилар? Астағфируллоҳ!!!
Энди Қуръони карим Луг, алайҳиссалом, ҳақларида нима деганига қулоқ тутамиз: «Яна Биз Лутга ҳикмат ва илм ато этдик ва унга нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон бузуқ қавм эдилар. Ва Биз уни (Лутни) Ўз раҳмат — жаннатимизга дохил қилдик. Шак-шубҳасиз, у солиҳлардандир» (Анбиё, 74— 75, мазмуни); «...ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом, 86, мазмуни).
Инжилда Исо пайғамбар оналари Марямга қўпол сўзлар билан муомала қилганлари баён қилинади: «3. ...Шароб тугаб қолгач, Исонинг онаси Унга: — Уларда шароб қолмабди, — деди. 4. Исо унга: — Менинг ишимга аралашма, аёл. Менинг вақт-соатим ҳали етгани йўқ, — деди..-» (Юҳанно, 2-боб). Гўё оналарини ҳурматсизлик билан «аёл» деб чақиряптилар. Бошқа жойда «аёл» деб бир фоҳишага мурожаат қиладилар: «3. Шу орада уламолар билан фарзийлар бир аёлни Исонинг олдига келтиришди, уни зино қилаётганида ушлаб олишган эди. 4. — Устоз! — дейишди аёлни ўртага қўйиб. — Бу аёл зино қилаётганида ушланди... 10. Исо ўрнидан турди-да, аёлдан бошқани кўрмай: — Эй аёл! — деди, — сени айбловчилар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими? 11. — Ҳеч ким, Ҳазрат! — деб жавоб берди аёл. (Юҳанно, 8-боб).
Наҳотки Аллоҳиинг содиқ пайғамбарларидан бири бўлган Исо, алайҳиссалом, мўътабар оналарига худди фоҳишага муомала қилгандек мурожаат қилган бўлсалар? Бундай туҳматни ҳам Қуръон ўнглайди ва Исо алайҳиссаломнинг тилларидан шундай дейди: «Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли меҳрибон қилдн ва мени ситамкор бадбахт қилмади» (Марям, 32-оят мазмуни). Шу билан бирга, христианлар томонидан шундай ҳурматсизлик билан тилга олинаётган Исонинг, алайҳиссалом, оналарини Қуръони карим: «Фаришталар Марямга: «Ё Марям, албатга, Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди» (Оли Имрон, 42-оят мазмуни) деб, у зотни бутун дунё аёлларининг энг яхшиси санади. Аллоҳу акбар!
Ёки бошқа бир оятда баён қилинадики: «Масиҳ ибн Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандар. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққиросг имон келтирган аёлдир» (Моида, 75-оят мазмуни).
Инжилда баён қилинишича, Исо Масиҳ хочга михланган кўйи: «34. — Элоҳи, Элоҳи, ламо шавақтани? — деб фарёд қилди. Бу сўзнинг тар-жимаси: «Тангрим, Тангрим, нега мени ташлаб қўйдинг?» демакдир. (Марк, ]5-боб). Христианлар айтишсин: Исо агар Худонинг ўғли ёки яна айтишларича, «худо» бўлсалар, қандай қилиб бундай ғалати, ўзининг «илоҳ»лигига хос бўлмаган ожизона, ғариб сўзларини айтдилар? Ахир у киши, христианлар даъвосича, еру осмоннинг «эгаси», камчилик ва нуқсонлардан ҳоли «илоҳ» эмасми?! Христианликдаги бундай номақбул, буюк пайғамбар Исонинг, алайҳиссалом, шахсиятларига номуносиб эътиқодни Қуръони карим келиб тўғрилади, тушунтирди:
«Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўхтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Исо ибн Марямни «Бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошка биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида фақат шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир» (Нисо, 156-159, мазмуни).
Пайғамбарларга бўлган шунга ўхшаш туҳмату бўҳтонларни Инжилнинг бир неча жойларида учратишимиз мумкин.
— Ушбу хатолар асрлар давомида, таржима жараёнида йўл қўйилган хатолармикан ёки атайин киритилганмикан?
— Агар Таврот ва Инжилнинг ўрисча, ўзбекча ва инглизча нусхаларини ўқисак, юқорида зикри ўтган туҳматлар ҳаммасида бир хил эканини кўрамиз. Буларни таржимадаги хатолар десак, унда қуйидагиларни нима деб атаймиз:
«22. Ҳали тун ўтмай, Ёқуб ўрнидан турди-да, икки хотини билан икки чўрисини ҳамда ўн бир боласини олиб, Яббук дарёсининг кечувидан ўтди. 23. Уларни ва ўзида бор бўлган нарсаларини ҳам дарёдан ўтказди. 24. Охирида якка ўзи қолди ва бир Зот тонг отгунча у билан курашди. 25. У Ёқубни енга олмагач, унинг сон бўғинига урди ва сони бўғинидан чиқиб кетди. 26. У Зот: — Мени қўйиб юбор, мана тонг отди, — деди. Лекин Ёқуб Унга: — Мени дуо қилмагунингча Сени қўйиб юбормайман! — деди. 27. Ўша Зот: — Отинг нима? — деб сўради. У: — Отим Ёқуб, — деди. 28 Ўша Зот: — Бундан буён сени Ёқуб эмас, балки Исроил*10 дейдилар. Чунки сен Худо ҳамда одамлар билан курашиб ғолиб чиқдинг, — деди...» (Тавротдан «Ибтидо», 32-боб).
Гуё Ёқуб, алайҳиссалом, Худо билан «курашибдилар». Инжилдаги бу «оят»ларни ўқиган ақлли оддий бир инсон ҳам улар куракда турмайдиган гаплар эканини билади.
— Христианлариинг авлодлари ичкиликка ружуъ қўйишлари илоҳий китоблари бунга рухсат берганиданми? Улар винони муқаддас ичимлик деб эътиқод қилишади, бунга бирон асос борми?
— Бу ишлари ҳаддан ошишдир. Инжилда азиз ҳаворий Павелнинг: “23. Бундан кейин фақатгина сув ичма, балки ошқозонинг учун, тез-тез юз берадиган касалликларингнинг олдини олиш учун озгина шароб ҳам ичгин...” (Тимофейга биринчи мактуб, 6-боб), деган сўзи христианлар учун ичкиликхўрликка берилган рухсатга айланиб кетди. Ҳолбуки, ҳаворий: «19. Башарий табиатнинг ишлари маълум, чунончи: фаҳшбозлик, ҳаром-ҳаришлик, фисқ-фужур, 20. бутпарастлик, жодугарлик, душманлик, жанжалкашлик, рашк-ғазаб, манманлик, ихтилофчилик, бидъатчилик, 21. ҳасад, қотиллик, ичкиликбозлик, айш-ишрат ва шуларга ўхшаш ишлар. Сизларни олдин огоҳлантирган эдим, яна огоҳлантираяпман: бу каби ишларни қилувчилар Худо Шоҳлигидан бебаҳра бўладилар» (Галатияликларга, 5-боб) дея ичкиликхўрликдан қайтарган эди! Инсон қанчалик заиф, шайтонлар қанчалар маккор! Бу «озгина шароб ҳам ичгин» сўзи амалда виною ароқ денгизларига айланиб кетди, у денгизларда кўпгина христиан халқлари чўкиб кетдилар ва кетмоқдалар. Қуръон эса, инсониятни бу балодан қайтариб, шундай нидо қилади: «Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида, 90—91, мазмуни).
— Миссионерлар тарқатаётган китоблар, уларда ёзилган нарсалар ҳақида нима дейсиз?
— Ўша китобларни ўқиган одам Аллоҳ таоло, у Зотнинг пайғамбарлари ҳақида жуда ҳам фосид, бузуқ, ақидаларга дуч келади. Ақлли инсон уларни қабул қила олмайди. Масалан, «Муқаддас Китоб суратларда» номли китобнинг 14-бетидаги «Биринчи одамларнинг яратилиши» бобида: «26. Яна Худо: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик...» 27. Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди...» (Ибтидо, 1-боб) деган сўзлар бор. Нахот Худо шу инсонга ўхшаса?! Инсон бир заиф мавжудот бўлса, бечора баъзида касал бўлиб туради, қорни очади, чанқайди, чарчаса ухлайди ва ҳоказо. Доимо нимагадир муҳтож бўлади... Қуръони карим эса, Аллоҳнинг зоти хусусида шундай хабар беради: «Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир» (Шўро, 11, мазмуни). Имом Қуртубий бу оятни шундай шарҳлайдилар: «Албатта, Аллоҳ улуғлиги, кибриёси, мулку салтанати, гўзал исмларию олий сифатлари ила буюкдир. Махлуқотларидан бирон нарса унга ўхшаш эмасдир ва У улардан бирон нарсага ўхшаш эмасдир».
— Афсуски, кейинги пайтларда ҳақ динни ташлаб, бошқа динларга кираётгаилар учрамоқда. Бундай аянчли ҳодисаларнинг сабаби нимада экан?
— Ҳа, афсуски, шундай ҳодисалардан кўз юмиб бўлмайди. Бунинг кўп сабаблари бор, албатта. Биринчидан, миссионерлар динларидаги мажбуриятларни беркитиб, христиан динини осон кўрсатадилар. «Сен Исога эргашсанг, Исо сенинг нажоткоринг бўлади. У сенинг гуноҳларингни ўз бўйнига олиб, дўзахда уч кун азобланиб чиққан», деб уларнинг қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдирадилар. Бир куни, ярим-яланғоч, замонавий кийинган бир аёл, қўлида Инжил билан кўчада даъват қилиб юрган экан. Мен ундан: «Сиз нимага даъват қиласиз?» деб сўрадим. Шунда у: «Инжил Худонинг китоби, унга амал қилиб ҳаёт кечириш керак», дея гапира кетди. Мен: «Сиз ўзингиз Инжилга амал қиласизми? Инжил сизга бошяланг юришга рухсат берадими?» деб сўрадим. У: «Ҳа, албатта», деди. Шунда қўлидаги Инжилни сўраб олдим-да, 444-бетини очиб, ушбу жумлаларни ўқидим: «5. Яна бошини ёпмай ибодат қилган ёки башорат қилган ҳар бир хотин ўз бошини шарманда қилади. Бундай хотин сочларини қирган хотин билан тенгдир. 6. Агар хотин бошини ёпишни истамаса, унда сочларини ҳам қирқсин. Лекин агар хотинга сочларини қирқиш ёки қириш уят бўлса, бошини ёпсин» (Биринчи Коринфликларга, 11-боб).
Аёл лом-мим дея олмай бир оз турди-да, жуфтакни ростлаб қолди.
Бошқа бир сабаби моддий манфаатдир. Бир вақтлар насронийликка кирган бир онахон билан суҳбатлашганман. Онахондан:
— Христиан динини қабул қилишинтизга нима туртки бўлди? — деб сўраган эдим. У:
— Бир куни христиан даъватчилари уйимга келишиб, динларига киришимни тақлиф этишди. «Мен мусулмонман! Бу менинг ота-бобомдан қолган диним», десам, улар: «Биз сизга ёрдам берамиз», дея пенсиям етмай, бир неча ойдан бери тўлолмай юрганим уй-жой солиғини тўлаб беришди. Текинга чиройли-чиройли китоблар ҳадя қилишди, — деб баён қилди. Сўнг менга савол берди:
— Нима учун мусулмонча китоблар кам, бўлса ҳам қиммат?..
Яна бир сабаби, совет замонида ёшларимизнинг аксарида маънавий бўшлиқ пайдо бўлди, улар миллатимиз тарихидан, диний ақидаларимиздан жуда йироқлашдилар. Ҳатго бегоналашдилар. Дин деганда соф исломиятни эмас, қандайдир хурофоту урф-одатларини тушунадилар. Табиийки, у хурофот урф-одатлар ёқмаганидан динни ёмон кўра бошлашди. Минг йиллар давомида шаклланиб келган исломий маданиятимиздан айрилиш ёшларнинг миллатимизга ёт эътиқодларга кўр-кўрона эргашиб кетишларида намоён бўляпти.
— Муҳаммад, алайҳиссалом: «Пайғамбарлар ўзаро биродардирлар, йўллари ҳам биттадир», деб марҳамат қилгаллар. Барча пайғамбарлар якка Худога даъват қилганлари ҳолда, нима учун христианлар уч худолик ғоясини илгари суришади?
— Тўғри, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка чақиришган. «(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом) Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ўлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25, мазмуни).
Биз ҳозирги Инжилнинг ўзида ҳам, Исонинг, алайҳиссалом, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган сўзларини, христианларнинг уч худолик даъволарини ботилга чиқарганини кўрамиз: «1. Шу гаплардан кейин Исо, алайҳиссалом, кўзларини осмонга тикиб, деди... 3. «Абадий ҳаёт эса, Сени — танҳо Ҳақ, Худони ҳамда сен юборган Исо Масиҳни таниб билишдан иборатдир...» (Юҳанно, 17-боб); ''
«28. Уламолардан бири ...Исонинг олдига келиб: — Бутун илоҳий амрларнинг энг муҳими қайси бири? - деб сўради. 29. Исо унга жавоб бериб деди: — Бутун амрларнинг энг муҳими шу: «Тингла, эй Исроил! Роббимиз бўлган Худованд Ягона Худованддир... 32. — Яхши гапирдинг, Устоз, — деди уламо Исога. — Худо ягона, Ундан бошқа худо йўқ, деб тўғри айтдинг...» (Марк, 12-боб).
Биз христианларга Аллоҳнинг ушбу оятини эслатамиз: «Эй аҳли Китоб (яҳудий ва христианлар), (Исони, алайҳиссалом, худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Исо ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга ташлаган Сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! (Худо) учта (яъни, Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ) демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Хеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ Якка-Ягонадир. У фарзандлик бўлиш (айбидан) Пок бўлган Зотдир...» (Нисо, 171, мазмуни).
— Ҳозирги Инжилда кейинги замон одамлари киритган сўзлар тўлиб-тошиб ётгани ҳолда, уни "Муқаддас Хушхабар" яъни, илоҳий китоб деб аташ қандай бўларкин?
— Юҳанно баён этган Инжил бундай хотималанади: «25. Исо бажарган бошқа бир талай ишлар ҳам бор. Булар бирма-бир ёзиб чиқилганида эди, ёзилган китоблар оламга ҳам сиғмас эди, деб ўйлайман».
Хулоса каби айтилган бу сўзлар, уни ривоят қилаётган киши ўзидаги кўпгина маълумотлардан қайси бирини танлашни хоҳишига кўра ўзи ҳал этган бир одамдир. У, Исо, алайҳиссалом, ҳақларида унгача келган маълумотлар жиддий қисқартирилганини ҳам тан олмоқда. Тўғри эътиқодли киши назари билан қаралса, инсон номидан гапи-рилаётган жамики сўзлар, гарчи у инсон жуда улуғ ва авлиё зот бўлса ҳам, у сўзларни Худонинг баёнотлари сирасига эмас, балки инсоннинг диний ва маърифий қарашлари сирасига киритиш керак. Агар христианлар Янги аҳдни Худонинг баёнотлари тарзида қабул қилишар экан, ундан ҳаворийнинг Худонинг буйруғига ёки Исонинг таълимотига асосланмай, ўзича айтган сўзларини чиқариб ташлашлари ва солиҳ кишиларнинг ривоятлари деб чоп қилишлари керак эди. Демак, бутун Янги аҳдни "Муқаддас баёнотлар китоби" эмас, фақат "Ривоятлар китоби" деб қабул қилиш керак.
— Бугупги кунда ер юзида биронта ҳам Инжилнинг асл нусхаси йўқ деб эшитдим...
— Биз мусулмонлар, Аллоҳ таоло Исога, алайҳиссалом, Инжил номли китоб нозил қилганига имон кслтирамиз, бусиз имонимиз бутун бўлмайди, Лекин ўша илоҳий китобнинг асли ҳозир йўқ. Ҳозир христианлар эътиқод қиладиган ва амал қиладиган асос Инжил тўрттадир:
1. Матто баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил энг қадимги Инжиллардан ҳисобланади. У Исодан, алайҳиссалом, тўрт йил кейин, иброний (яҳудий) тилида ёзилган. Аммо ўша нусха ҳам йўқ. Ҳозир бори унинг таржимасидир. Таржимони ва қайси матндан таржима қилингани ҳам маълум эмас. Бунинг устига, бу Инжилнинг муаллифи Матто Исонинг, алайҳиссалом, ҳаворийларидан бўлмаган. Кейинроқ, уни хоин Яҳудонинг ўрнига сайлашган эди. Шундай тарихга эга бўлган ёзувни оддий ишончли китоб дейиш ҳам қийин.
2. Марк баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил юнон тилида Исодан, алайҳиссалом, йигирма уч йил кейин ёзилгани аниқ. Аммо ким ёзгани аниқ эмас. Баъзи христиан олимлари: «Уни Пётр ёзган», бошқалари эса: «Уни Пётрнинг ўлимидан кейин Марк ёзган», дейдилар. Бу Инжилни нима дейиш мумкин? Йигирма уч йилдан сўнг, Исо Масиҳ, гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани номаълум китоб муқаддас китоб бўла оладими?!
3. Лука баён этган Муқаддас хушхабар. Бу китоб Исодан, алайҳиссалом, йигирма йил кейин ёзилган. Лука У зотнинг эмас, балки Полнинг шогирди бўлган. Пол ҳам Исони, алайҳиссалом, кўрган эмас. Бунинг устига, Пол яҳудий бўлиб, ҳийла билан христианликка қарши бузғунчиликлар қилган. Шундай одамнинг шогирди ёзган китобни муқаддас китоб дейиш мумкинми?!
4. Юҳанно баён этган Муқаддас хушхабар. Бу Инжил Исодан, алайҳиссалом, ўттиз икки йил кейин ёзилган. Баъзи христиан тоифалари: «Уни Исонинг, алайҳиссалом, шогирдларидан Юҳанно ибн Забдий ёзган», дейдилар. Беш юзта таниқли христиан олимлари иштирокида ёзилган Британия энциклопедияси бу китобни «қалбаки китоб» деган экан. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак!
— Баъзи «зиёлилар» Инжил ва Таврот илоҳий китоблар, уларни ўқиб маьнавиятни бойитса бўлади дейишади, сиз бунга нима дейсиз?
— Тўғри, Таврот, Инжил ва Забур номида илоҳий китоблар туширилган, лекин у асл матнлар қани? Улар йўқ. Борларини эса, бузиб, бошқатдан ёзиб чиқишган. Бордию ўша асл Таврот, Инжил ва Забурлар сақланиб қолганида ҳам, охирги ҳақ Китоб (Қуръон) тушиши билан уларнинг муддати тугади. Ҳазрати Умар, розийаллоҳу анҳу, Тавротдан хабарлар ёзилган варақ топиб, Расулуллоҳга, алайҳиссалом: «Ё Расулуллоҳ, мана бу ерда ҳам яхши гаплар бор экан», деганларида, Пайғамбаримиз, алайҳиссалом: «Агар Мусо тирилиб келганида менга эргашиб, Қуръонга амал қилган бўлар эди», деб жавоб берганлар.
— Ҳурматли домла, суҳбатингиз учун ташаккур, Аллоҳ, сиздан рози бўлсин. «Ҳидоят» ва унинг ўқувчилари ҳақига дуо қилсангиз.
— Барчамизга Аллоҳ, таоло фойдали илм, покиза ризқ ва қабул бўлгувчи амаллар берсин, Ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин. Сўзим охирида ушбу оятларни келтирсам: «Эсланг, (эй Муҳаммад, алайҳиссалом) Аллоҳ: «Эй Исо ибн Марям, сен одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо килиб олинглар» деб айтдингми?» деганида, (Исо) айтди: «Эй Пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг Билгувчисисан. Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапнигина айтдим: «Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса, Сен Ўзинг уларнинг устида Кузатувчи бўлдинг. Сен Ўзинг ҳамма нарсага Гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан» (Моида, 116—118-оятлар мазмуни).

Юсуф Аҳмад ёзиб олди.
“Hidoyat” журналининг 2002-йил, 9,10-сонларидан олинди.

__________________________________________________________
*10 Исроил: «Худо курашади» ва “Худо билан курашган” маъноларида. (Инжилдаги изоҳ.) Аслида, «Исроил» Ёқубнинг, алайҳиссалом, лақаблари, иброний тилида “Исро” — Абд, «Ил» — Аллоҳ, яъни, «Абдуллоҳ» — Аллоҳнинг қули демакдир (Тафсири Насафий, Бақара, 40-оят тафсиридан).

Аввалги сахифага ўтиш

 

Hosted by uCoz